☰ Меню

Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати
хавфсизлиги бошқармаси

Xushnudbek.uz телеграм-каналидан ҳар бир ҳайдовчи қулоқ тутиши керак бўлган маслаҳатлар

Кундузи чироқ ёқиш нимага керак?

Йўл ҳаракати қоидаларидаги энг кенг муҳокама қилинган ўзгариш, бу – куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт этиб белгиланганидир.

Мазкур ўзгаришга кўпчилик қаршилик қилмоқда ва буни тўғри тушуниш мумкин. Токи инсонларнинг бунга кўникиши ва фойдасини сезгунигача вақт керак.

Масалан, узоққа бормаймиз, қўшни Қирғизистонда 2009 йилдан буён кундузи чироқ ёқиб юриш мажбурий. Ўша пайтда кўпчилик қирғизлар ҳам бунга қарши чиқишган.

Қозоғистонда эса бу қоида 2014 йилда киритилган. Интернетдан қидириб кўрсангиз, қозоқларнинг норози бўлганини ҳам кўрасиз. Лекин вақт ўтиши билан қўшни давлатларда ҳамма бунга кўникди ва деярли ҳеч ким эътироз билдирмайди.

Биз қирғизлардан 10 йил, қозоқлардан 5 йил кейин бу қоидага ўтяпмиз.

Кўпчиликнинг эътирози деярли бир хил мазмунда - «биз Скандинавия эмасмизку» дея иқлимни рўкач қилишмоқда. «Биз қуёшли юртмиз, ёғингарчилик ва туман бўлмайди, бу аҳмақона ўзгариш» дейишмоқда улар. Хўш, унда Қирғизистон ва Қозоғистон туманли мамлакатми? Ёки бу қоида фақат Скандинавияда бор деб ўйлайсизми?

Бир нарсани тўғри тушунинг, кундузи чироқ ёқиб юриш қоидасининг иқлимга алоқаси йўқ.

Бу бўйича ривожланган мамлакатларнинг олимлари аллақачон илмий изланишлар олиб бориб, кундузги ёнган чироқ автоҳалокатларнинг олдини олишга ёрдам бериши, чунки у ҳайдовчи ва пиёдаларда ҳушёрликни оширишини исботлаб қўйишган. Бу қоида 10-15% ҳалокатларнинг олдини олади. Агар эринмасангиз, Google деган сайт бор, ўзингиз учун қидириб, ўқиб кўрсангиз фойдадан ҳолиб бўлмасди.

Кейин яна бир нарса, кундузи чироқ ёқиб юриш қоидаси Ўзбекистон учун янгилик эмас. 2015 йилдаги қоидага биноан, йўловчи ва юк ташиш транспортлари, мотоцикл ва мопедлар учун кундузи чироқ ёқиш мажбурий қилиб қўйилган эди. Яъни 4 йилдан буён бу қоида бизда қисман амалда бўлган, осмондан тушгани йўқ, фақат эндиликда шуни барчага қўллашяпти холос.

Ёдингизда бўлса, бир неча йиллар олдин GM Uzbekistan заводидан чиққан машиналар ўт олдирилганда кундузги сигнал чироқлари (ДХО, Daytime running lights) автоматик ёнадиган бўлганда, айримлар буни техник носозлик деб ўйлаб, салонга ёки устага олиб борганди ҳам. Лекин кейинчалик бу нарса халқ орасида “евростандарт” деган ном олди. Қаранг, ўз номи билан айтиб турибди – евростандарт. Бир гапи бордирки, жаҳон стандартларида шунақа талаб киритилган.

Қуйидаги харитада эса Европа давлатларидаги ҳолат ҳақида маълумот келтирилган. Кўк ранг билан белгиланган давлатларда ҳайдовчиларга кундузи чироқ ёқиб юриш тавсия этилган, лекин мажбурий эмас, қизил ранг билан белгиланган давлатларда эса – мажбурий. Харитадан ушбу қоидага иқлимнинг алоқаси йўқлигига яна бир бор гувоҳ бўлишингиз мумкин.

Эътирозлар билдиришга барчанинг тўла ҳаққи бор, уларни айблашдан йироқман. Шунчаки янгиликларни қабул қилишга ўрганишимиз, агар шубҳамиз бўлса, фақат комментлардан хулоса қилмасдан, интернетдан мустақил қидириб кўриб, ўз шахсий фикримизни шакллантиришга ҳам кўникишимиз керак.

 

Manba: xushnudbek

Powered by GSpeech